6–8 сентябрь кунлари «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтган II Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида Навоий вилояти корхоналари томонидан 30 млн. АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланди. Бу ҳақда КUN.UZ манбаси Навоий вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Раззоқов баёнотига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу галги ярмаркада дунёнинг АҚШ, Россия, Япония, Жанубий Корея, Австрия, Швеция, Швейцария, Португалия, Украина, Беларусь, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур каби давлатларидан юзлаб йирик компания ва экспорт-импорт фирмалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган 150дан ортиқ компания вакиллари ўзлари етиштирган кўплаб турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини намойиш қилинди, ҳудудларнинг мева-сабзавотчилик соҳасидаги имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Вилоятнинг «Навоий агроэкспорт», «Прогресс Алфа Люкс», «Экслент Бизнес», «Цитрус Сервис», «Экспорт Навбаҳор» каби масъулияти чекланган жамиятлари Португалия, Болгария, Малайзия, Россия, Беларусь ва Эрон каби давлатларнинг экспорт ва импорт соҳасига ихтисослашган ўнлаб компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказдилар, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

Музокаралар якунига кўра, навоийлик деҳқон ва соҳибкорлар Россия ва Қозоғистон давлатларига 40 тоннадан зиёд сархил мева ва сабзавот ҳамда қайта ишланган маҳсулотлар етказиб бериш бўйича шартнома имзолашди.