Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида Остона декларацияси қабул қилинди. Бу ҳақда Tengrinews.kz мухбири хабар берган.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев якуний йиғилишда декларация ҳақида маълумот берган.

«Бугун биз фан ва технологиялар ривожини ҳар томонлама муҳокама қилдик ва бу соҳа биз учун долзарблигини бир овоздан қайд этдик. Бу соҳани биргаликда ривожлантиришимиз зарур. Биз буни амалда исботлашимиз керак. Бунинг учун саммитнинг якуний ҳужжати - Остона декларацияси қабул қилинди», - дея йиғилиш иштирокчиларига юзланган Қозоғистон президенти.

ИҲТ саммити очилишида Назарбоев бу йиғилиш ислом дини тарихида из қолдиришига умид билдирганди. У қозоқ халқи ва ислом дини боғлиқлиги узоқ ўтмишга бориб тақалишини эътироф этганди. 

«Бизнинг заминимизга ислом дини минг йиллар аввал кириб келган. Биз ислом дини ва ғарб цивилизацияси ўртасидаги дўстона мулоқотда боғловчи вазифасини бажардик», - деган Қозоғистон президенти.

У шунингдек, бугунги кунда ислом дунёси тўқнаш келаётган таҳдидлар ва чақириқлар мавзусига тўхталган. 

«Афсуски, кейинги вақтларда ислом уммати турли мураккаб синовларга дуч келмоқда. Булар биринчидан, турли экстремистик ва террорчилик ташкилотлар фаолияти кенгайишидир. Уларнинг террорчилик хуружларидан, биринчи бўлиб ислом олами давлатлари жабр кўрмоқда. Қолаверса, исломофобия, мусулмонларга қарши жиноий ҳаракатлар йилдан-йилга ортмоқда», деган у.

Нурсултон Назарбоев Мьянма мавзусига ҳам тўхталган.

«Бизни, шунингдек, яқинда Мьянмада юз берган можаролар хавотирга солмоқда. Туркия томони ташаббуси билан бу мавзу саммитнинг якуний ҳисоботига киритилди. Барча томонларни зудлик билан зўравонликни тўхтатиш ва БМТ доирасида мулоқотга чақирамиз», деган Назарбоев.