Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессияси доирасида АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашади. Бу ҳақида "Anadolu" агентлиги Туркия президенти маъмуриятидаги манбасига таяниб хабар берди

Агентликка маълум қилинишича, икки президент телефон мулоқотида Нью-Йоркда учрашишга келишиб олишган. Трамп Эрдўған билан суҳбат давомида АҚШ ва Туркия стратегик ҳамкорлиги доирасида минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаши зарурлигини таъкидлаган. 

8 сентябрь куни Эрдўған АҚШ томонидан Туркиянинг собиқ иқтисодиёт вазири Меҳмет Зафар Чағлаянга нисбатан илгари сурилган айбловларни танқид қилганди. У ва Halkbank турк давлат банкининг собиқ раҳбари Сулаймон Аслан ҳамда яна икки давлат хизматчиси Американинг Эронга нисбатан санкцияларини бузганликда гумон қилинмоқда. Америка адлия вазирлигига кўра, номлари қайд этилган Туркия фуқаролари Теҳрон билан тақиқланган битимларни тузиш учун Америка молиявий тизимидан фойдаланишган. Туркия президенти АҚШ ташаббусини "бадбўй" деб атаб, Туркия ва Эрон иттифоқдош мамлакатлар эканини таъкидлаган. 

Вашингтон ва Анқара ўртасидаги муносабатлар АҚШнинг Сурия курдларини қўллаб-қувватлаши туфайли таранглигича қолмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги яна бир муаммо 1999 йилдан буён АҚШда яшаб келаётган турк воизи Фатҳуллоҳ Гулендир. Анқарага кўра, 2016 йилнинг ёзидаги ҳарбий тўнтарув ҳаракати ортида айнан Гулен турибди, шу боис у Америка ҳукуматидан воизни Туркияга топширишни талаб қилмоқда.   

БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессияси 12 сентябрда Нью-Йоркда очилади. 19 сентябрдан ташқи сиёсий масалаларнинг юксак даражадаги муҳокамаларига старт берилади. Украина президенти Петр Порошенко 20 сентябрь куни чиқиш қилади. Россия президенти Владимир Путин Бош ассамблея сессиясида иштирок этмайди.