Малик Салимов ва Жавлон Тўраевлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) юртимиздаги қонун ҳужжатларини четлаб ўтишди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Бу кимсалар МЧЖ ташкил қилишганда, унинг низоми бўйича фақатгина умумқурилиш ишлари фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилганди. Бироқ, М.Салимов ва Ж.Тўраев “тадбиркор” номи остида умуман бошқа фаолият тури билан шуғулландилар. Улар турли ҳужжатларни сохталаштириб, тегишли идоралар билан шартнома тузишга, яъни аҳолига уяли алоқа соҳасида дилерлик ва пайнет хизмати кўрсатиш ва экспресс карточкалар сотиш фаолиятига сохтакорлик орқали эришдилар.

Ўзларининг ноқонуний фаолиятлари ортидан 2015 йилнинг апрель ойидан 2016 йилнинг августига қадар аҳолига 936 млн. 433 минг сўмлик пайнет хизмати кўрсатиб, шундан 7 млн. 600 минг сўмини тегишли тартибда банкка топширишди. Қолгани эса икки сохта “тадбиркор” ўртасида бўлиниб, талон-торож қилинди.

Бу кимсаларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Суд томонидан уларга қонуний жазо тайинланди.