Японияда ногиронларни мустақил равишда белгиланган жойга олиб боришга қодир кресло-аравачалар ишлаб чиқарилди. Шуниси диққатга сазоворки, бундай аравачалар ўз эгасини нутқидан таний олади, шунинг учун овоз ёрдамида исталган йўналишни белгилаш ва зарурат туғилганда, ҳаракатлар давомида тузатиш киритиш мумкин бўлади. 

Замонавий сунъий интеллект билан жиҳозланган кресло-аравача тўсиқлар ва қарши томонда ҳаракатланаётган одамларни четлаб ўтишнинг уддасидан чиқади. Курум шаҳрининг Технологиялар институтида ишлаб чиқарилган аравачалар ҳозирги вақтда амалий синов босқичидан ўтмоқда. Улар яқин 3-5 йилда сотувга чиқиши кутилмоқда. 

Кресло-аравача унга созланган смартфон ёки планшет ёрдамида ҳаракатга келтирилади. Бунда геолокация маълумотлари инобатга олиниб, ҳаракатланиш учун энг оптимал йўналиш белгиланади. Шундай бўлса-да, бугунги кунда Япония қонунчилиги ногиронлар учун мўлжалланган тўлиқ автоном кресло-аравачалардан фойдаланишни тақиқлайди - маҳаллий ҳукумат технологияларнинг панд беришидан хавфсирамоқда. 

Бироқ бундай коляскалардан йирик универмаглар ёки музейларда фойдаланиш мумкин бўлади. Ишлаб чиқарувчилар яқин йилларда, яъни технология тўлиқ тадқиқ қилиниб текширилгунга қадар қонунчиликка тузатиш киритилишига умид қилишмоқда.