Бангладеш президенти Абдул Ҳамид БМТ ёки Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида Мьянма ҳудудидан келган қочқинлар учун «хавфсиз ҳудуд» ташкил қилишни таклиф этди.

У Остонада ўтган ИҲТ саммити доирасида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашув вақтида шундай фикр билдирган.

Дакка босим остида
Президент Бангладеш каби аҳолиси зич яшайдиган давлат кўп миқдордаги қочқинларни қабул қилиши қийинлигини қайд этиб, Мьянмани ўз халқини ортга чақириб олишга чақирган.

БМТ ҳисобларига кўра, айни вақтда Бангладешда Мьянманинг Ракхайн вилоятидан келган 270 мингдан ортиқ роҳингялар жойлашган. Бангладеш бош вазири шайх Ҳасин ҳам бундан аввалроқ Мьянма ҳукуматини роҳингяларни ортга чақириб олишга даъват этганди.

Бангладеш ТИВ раҳбари Абул Ҳасан Маҳмуд Али эса элчихоналар вакиллари учун брифинг ўтказди. Шундан сўнг, у Ракхайндаги воқеаларни геноцид сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, икки ҳафта ичида у ерда 3 минг киши ҳалок бўлган. Расмий маълумотларда эса бу миқдор 400 нафарга яқин, деб кўрсатилган.

«Фақат расмий Нейпьидо бу инқирозни ҳал қилиши мумкин. Биз роҳингяларнинг вакиллари илтимосига кўра Мьянма билан икки томонлама музокаралар ўтказамиз. Биз уруш қилмаймиз, чунки, бу ҳеч қачон муаммони ҳал қилмайди», дея вазирнинг сўзларини келтирган Бангладеш матбуоти.

Савдо алоқалари давом этмоқда
Маҳмуд Али Бангладеш ва Мьянма аввал ҳам бундай келишувларга эришгани ҳақида эслатиб ўтган. 1992 йилда Мьянма Бангладешдаги 237 минг қочқин роҳингяларни қабул қилган. Вазирнинг сўзларига кўра, айни вақтда Бангладешда келиб чиқишига кўра Ракхайндан бўлган 700 мингга яқин қочқинлар яшамоқда. Уларнинг 300 минг нафарга яқини кейинги икки ҳафтада Бангладешга келган.

Мавжуд вазият савдога таъсир қилмоқда. Dhaka Tribune нашри маълумотига кўра, кейинги вақтларда рўй бераётган ҳодисалар икки давлат ўртасида савдо айланмасини ошириш бўйича режаларни амалга оширишни кейинга қолдирган. Шу билан бирга, Бангладеш савдо вазири Тофаил Аҳмад Мьянма билан савдо алоқаларини узиш режаси йўқлиги ҳақида маълум қилган. Аввалроқ Мальдив шундай йўл тутганди.

Мьянма ҳарбийлари ва хавфсизлик кучлари август ойи охиридан буён Ракхайн штатида роҳингяларга қарши амалиётларни амалга ошириб келмоқда. Ушбу амалиётлар 25 август куни роҳингя жангарилари Ракхайн штатида бир нечта полиция постларига ва армия казармаларига мувофиқлаштирилган ҳужумларни амалга оширганидан сўнг бошланиб кетган. Ҳужум вақтида 400 киши ҳалок бўлган - шундан 30 нафари полициячилар. Турли маълумотларга кўра, Бангладешга 146 мингдан 300 минг нафаргача одам қочиб ўтган.