Молия вазирининг  буйруғи (2017 йил 29 август) билан Бизнес соҳаси учун суғурта хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартлари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Энди етказилган зарарларнинг сабаблари ва миқдорларига тааллуқли қўшимча ҳужжатларни суғурталовчи  томонидан талаб қилиб олиниши учун муддат чекланмаган. Илгари у суғурта шартномасида кўрсатилган воқеа содир бўлганлиги тўғрисида хабарни ва ушбу воқеага алоқадор ҳужжатларни олгандан кейин 3 банк кунини ташкил этарди.

Суғурта қилдирувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар воқеани суғурта ҳодисаси деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилиш ва зарарнинг миқдорини аниқлаш учун етарли бўлмаган ҳолларда суғурталовчининг ҳаракатларига ҳам тузатишлар киритилди. У қуйидагиларга ҳақли:

•  содир бўлган воқеанинг тафсилотлари, суғурта қилдирувчининг ололмаган даромадларни (йўқотиш) сабаблари ва миқдорини эксперт баҳолаш учун мутахассисларни (экспертларни) жалб қилиш;
•  содир бўлган воқеанинг тафсилотларини ва зарарнинг миқдорини аниқлаш бўйича бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

Илгари суғурталовчи суғурта қилдирувчидан тушунтиришлар ва тегишли қўшимча ҳужжатларни (бухгалтерия, банк ҳужжатларини ва б.), жумладан, далолатномалар ҳамда аудиторлик ва баҳоловчи ташкилотларнинг хужжатлари ва хулосаларини сўрашга ҳақли эканлиги ҳам алоҳида белгиланган эди.

Низомга бошқа айрим тузатишлар ҳам киритилган.