10 сентябрь куни Тошкент вақти билан кечки 21:00 атрофида Қуёшда навбатдаги жуда кучли портлаш рўй берди. Бу ҳақда РИА Новости Россия Фанлар академияси Физика институтига асосланган ҳолда ёзмоқда

Олимларнинг маълум қилишларича, портлаш Х таснифига доир бўлиб, унга Х8.2 балл берилган. Портлаш фаоллиги  индекси эса, 10 баллик тизимнинг 9,8 баллига тенг бўлган. Таъкидланишича, бу сўнгги бир неча кун ичида Қуёшда қайд қилинган тўртинчи кучли портлашдир.

Йирик юлдуздаги портлашлар ўтган ҳафта 4 сентябрь куни бошланган эди. Ўшанда олимлар М таснифидаги 5 та портлашни қайд этишди. Шундан 2 кун ўтгач, 6 сентябрда олимлар сўнгги 12 йилдаги энг кучли портлашни кузатишди. Портлашга X9.3 балл қўйилди. 

7 сентябрь куни иккинчи кучли портлашга энг юқори таснифдаги — Х фаоллик баҳоси берилди. Олимларнинг сўзларига кўра, бу ҳодиса Қуёш тожидаги ўзгаришларнинг қонуний якуни бўлиши керак эди. Аммо, 8 сентябрда X таснифига киритилган учинчи кучли портлаш кузатилди.

"Қуёшдаги қимирлаш"

Олимларнинг баёнот беришларича, биринчи бор кучли портлаш рўй берганида Қуёшда сейсмик тўлқинлар тарқалган. Бу фанда "қуёш қимирлаши" деб аталади.

Бироқ, мутахассисларнинг фикрича, ушбу ҳодиса ҳеч қандай зарар етказмайди. 

"Аслида ҳеч ким ҳеч нарсани сезмайди", — деган РФА фазовий тадқиқотлар институти етакчи ходими Алексей Струминский.