Ўтган ойда Европа янги автомобиллар савдосида энг яхши натижага эришган бозорлар Топ-5 лиги эълон қилинди. Унга кўра, август ойида Германияда энг кўп машина сотилган, деб хабар қилмоқда «Автостат» агентлиги. Ўтган ойда бу мамлакатда 253 679 автомобиль сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 фоизга кўп демакдир. 

Бу борадаги иккинчи ўрин Россияга насиб этган. Таҳлилчиларнинг маълумотларига кўра, 2017 йил август ойида бу давлатда 122 500 дан ортиқ автомобиль сотилган. Экспертларнинг қайд этишларича, Россия «Европа рейтинги»да ўз позициясини яхшилашига ёз мавсумида бошқа мамлакатларда янги автомобилларга бўлган талабнинг пасайиши сабаб бўлган. 

Ўзига хос рейтингнинг учинчи ўрнида Франция жойлашди. Бу ерда август ойида жами 107 455 янги енгил автомобиль харид қилинган бўлиб, бир йил аввлги кўрсаткичдан 9,4 фоиз кўп демакдир. Ундан сўнг, 83 363 дона автомобиль сотилгани билан Италия (ўсиш 15,8 фоиз) бормоқда. Таъкидланишича, ушбу рақам Италия учун 2009 йилдан буёнги энг яхши натижадир. 

Кучли бешликни Буюк Британия 76 433 доналик кўрсаткич билан (-6,4 фоиз) якунлади. Британия автобозоридаги пасайиш бешинчи ойдирки давом этмоқда.