Фарғонада жойлашган “NARIMTEKS” МЧЖ Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси мамлакатда яратилган қулай инвестицион муҳит, давлат раҳбарияти томонидан кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган самарали сиёсатнинг натижаси ва давлатлар ўртасида ўрнатилган ўзаро иқтисодий хамкорликнинг маҳсули сифатида 2008 йилнинг июнь ойидан ўз фаолиятини бошлаган. 

Қўшма корхона ташкил этилган 2008 йилда жами 22 нафар ишчи ва ходимлар ишлаган бўлса, 2016 йилда улар сони 60 га етди. Ҳозирги кунда эса ушбу корхонада 70дан зиёд ишчи ва ходим меҳнат қилмоқда ва уларнинг 52 нафари аёллар, 20 нафари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.

Қўшма корхона  ўз фаолиятини бошлагандан буён ўтган давр ичида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги техника ва технологияларни жорий қилиш борасида асосан Германия, Италия, Япония ва Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий тикув, тўқув жиҳозлари келтириб ўрнатилди. Натижада ишлаб чиқариш самарадорлиги ошди. 2010 йилда 441 млн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 1 млд. 520 млн. сўмни ташкил қилди. 300 дан ортиқ аёллар қишки кийимлари моделлари ишлаб чиқаришга жорий қилинди.

2016 йилда корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 4 млрд. сўмни ташкил қилди. Корхона маҳсулотлари ҳозирги кунда республика ички бозорларида ҳамда МДҲ давлатларида муваффақиятли сотилмоқда. 2015 йилда корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорт ҳажми 314 000 АҚШ доллари, 2016 йилда эса 880,0 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Корхона рахбарияти ишчиларнинг иш ва маиший шароитларини яхшилаш бўйича ҳам бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда ишчи ва ходимлар учун 150 ўринли янги ошхона, дам олиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш хоналарини ўзида мужассамлаштирган бинонинг қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Корхонада ҳозирда аёлларнинг 8 турдаги, 700 моделдаги қишки ва ёзги кийим-кечаклари ишлаб чиқарилмоқда ва дизайнерлар миллий ҳамда анъанавий бичимдаги ҳаммабоп ва ҳамёнбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш устида изланиш олиб бормоқдалар.