Хитой жануби-ғарбий ва марказий туманларида юз берган кучли ёмғирлар ҳамда сув тошқинлари оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, етти нафари бедарак йўқолди, яна 6,7 минг инсон хавфсиз жойга эвакуация қилинди. Бу ҳақда ХХР Фуқаролик маъмурияти вазирлиги баёнотида айтилади.

Ноқулай об-ҳаво Хэнань, Хубэй, Сичуань, Гуйчжоу, Юньнань, Шэньси вилоятлари ва марказий бошқарувдаги Чунцин шаҳридаги 596 минг кишини қамраб олди. Ўтган жума кунидан бери тўхтамаётган кучли ёмғирлар селлар ҳамда кўчкилар, сув тошқинларига сабаб бўлган, баъзи туманларда эса дўл кузатилди.

Табиий офат туфайли етказилган тўғридан-тўғри иқтисодий зарар миқдори тахминан 64,5 млн долларга баҳоланмоқда. Ҳодисалар оқибатида 500дан ортиқ уйлар вайрон бўлди, яна 2,7 мингтаси зарарланди. 27,7 минг гектар ердаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига зиён етган.