Вазирлар Маҳкамасининг 29.08.2017 йилдаги 681-сон қарори билан  “Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум” МЧЖ (Консорциум) томонидан заём бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, Консорциум Тошкентда тижорат банклари томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг бошланғич устав жамғармаси 50 млрд. сўмни ташкил этган.
 
Қандай ҳужжатлар зарур

Заём ҳам касаначининг ўзига, ҳам касаначилик маҳсулотлари буюртмачисига (Ўзбекистон резиденти – касаначига иш берувчи) тақдим этилади.

Заём бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни доирасида қабул  қилинади.
 
Заёмнинг шартлари қандай?

Энг юқори миқдори 100 ЭКИҲ (буюртманома бериш санасига) бўлган заём бир нафар касаначига ёки буюртмачига 3 йил муддатга берилади. Асосий қарзни қайтариш 6 ойлик имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади.

Заёмдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси МБнинг заём шартномаси тузиш кунидаги қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади. Фоизлар ҳар куни заём бўйича қарзнинг амалдаги қолдиғига ҳисобланади ва шартномада кўрсатилган жадвал бўйича сўндирилади.

Бунда мажбуриятлар таъминотининг қуйидаги турлари қабул қилинади:

•  сотиб олинадиган товарлар (замонавий машиналар ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун заём беришда);
•  кўчар ва кўчмас мулк гарови;
•  қимматли қоғозлар;
•  тижорат банки ёки суғурта ташкилотининг кафолати;
•  учинчи шахснинг кафиллиги;
•  олинган заёмнинг касаначи ёки буюртмачи томонидан қайтарилмаслик таваккалчилигининг Консорциум фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисида суғурта полиси.

Қандай сабабларга кўра рад этишади? 

Қуйидаги ҳолларда заём беришни рад этишлари мумкин:

•  зарур тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилиши;
•  тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;
•  илгари берилган заёмлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликнинг мавжудлиги;
•  буюртмачида солиқлар, шунингдек тижорат банкларининг кредитлари ва хизматлари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликнинг мавжудлиги.

Ёзма (электрон) хабарнома рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда тегишли қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай касаначига ёки буюртмачига юборилади.