КХДРнинг баёнот беришича, АҚШнинг санкциялари ва босими "мутлақ узоқни ўйламаслик босқичи"га кирди. Пхеньян шу муносабат билан Америкага нисбатан "улар шу пайтгача кўрмаган қатъий чоралар кўришни режалаштирмоқда". Шимолий Корея ТИВ баёнотини КМТА эълон қилди, деб ёзмоқда РИА Новости. 

"АҚШ томонидан КХДРнинг мавжуд бўлиш ва суверен ҳуқуқини тўлиқ йўқ қилиш мақсадидаги санкциялар ва босим мутлақ масъулиятсизлик босқичига кирмоқда. АҚШ КХДРнинг водород бомбаси синовини ўтказишига қарши БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳийла қилиш йўли билан энг қатъий "санкция резолюцияси"ни ишлаб чиқмоқчи", — дейилади баёнотда. 

ТИВ қайд этишича, "ўта қудратли термоядро қуроли"ни "АҚШ томонидан кўрсатилаётган барча душманона ҳаракатлар ва Корея ярим ороли ҳамда минтақага хавф солаётган ядро уруши таҳдидини камайтириш" воситаси сифатида ишлаб чиқди. 

"КХДР АҚШ ҳаракатларини диққат билан кузатмоқда... КХДР мутлақ чораларнинг ҳар қандай шаклини қўллашга тайёр. КХДР қўллайдиган бўлғуси чоралар АҚШга шунчалик азият ва оғриқ етказадики, улар ўз тарихларида бундай жабрга дуч келишмаган. … Дунё КХДР америкалик жиноятчиларни қандай қилиб тинчлантирганига гувоҳ бўлади", — дейилади хабарда. 

Бугун 11 сентябрь куни АҚШ БМТ ХК муҳокамасига КХДРга нисбатан янги жазо чоралари бўйича резолюцияни киритишни режалаштирган. Бундан ташқари, БМТ ХК санкция қўмитасининг Пхеньян мавжуд санкцияларга қанчалик риоя қилаётганига доир мажлиси ҳам бўлиб ўтади.