Лондон полицияси автомобилларда одамлар босилиши билан кечадиган терактларнинг олдини олиш мақсадида янги усул ишлаб чиқди. Бу ҳақда британ полициясига иқтибос келтирган ҳолда The Times нашри хабар бермоқда.

Полицияда “автотеррорчилар”ни тўхтатиш учун вольфрам тирноқларга эга махсус тўр қўллаш таклиф қилинди. Янги восита Talon (Тирноқ) деган ном олди. Бу тўр ҳаракатланаётган транспорт воситаси рўпарасида ёйилади. Машина ушбу воситани босиши билан ундаги тирноқлар машина ғилдиракларига санчилиб, уни чирмаб олади. Бунинг натижасида ғилдираклар айланишдан тўхтаб, машина юролмай қолади.

Бундай тўрларни оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда уларнинг иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёйиш мумкин. Полициянинг фикрича, “Тирноқ”ни ёйиш учун бир дақиқадан камроқ вақт ва икки нафар ходим етарлилик қилади. Тўр 17 тонналик юк машинасини ҳам тўхтата олишга қодир.

“Бу қурилма шубҳасиз кўплаб ҳаётларни сақлаб қолиши мумкин ва Лондонда пиёдаларнинг ҳимоясини таъминлашга қаратилган чоралардан биридир”, деб изоҳ берди полиция вакили. Янги қурилма Уайтхоллдаги парад вақтида томошабинларга намойиш қилинди.