Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги ва Қурбон ҳайити муносабатлари билан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Самарқанд шаҳар бўлинмаси аъзолари учун «Севинч» ресторанида ташкиллаштирилган хайрия байрам тадбири бўлиб ўтди. 

Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг KUN.UZ’га берган маълумотларига маълумотларига кўра, 8 сентябрь куни жамиятнинг шаҳар бўлими аъзолари учун ёзилган хайрия дастурхонига бўлинма аъзолари, уларнинг ҳамроҳлари жами 150 нафар киши таклиф этилган. 

Анжуманни жамият аъзоларидан бири Назира Солиева олиб борди. Даврани йиғилганларни муборакбод этган ҳолда Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов очиб берди. Ўзбекистон халқ шоираси Хосият Бобомуродова ушбу кечанинг азиз меҳмонларидан бири бўлиб ўз ижодларидан намуналар ўқиб, йиғилганларга қувонч бахш этди. 

Фото: KUN.UZ

Жамиятнинг Самарқанд шаҳар бўлими раиси Қ.Донабоев йиғилганларни табриклаб, шаҳар ҳокимлигига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Бундан ташқари, ногирон хотин-қизлар қўмитаси раисаси Э.Маҳмудова, ногиронлар уюшмаси раиси Д.Пардаев ҳамда жамият аъзоларидан А.Абдуманнонов, Т.Охунова ҳам ўз табрик ва тилакларини билдириб ўтишди. Самарқанд шаҳар маданият ходимлари томонидан жонли ижродаги куй-қўшиқлар янгради. Турли куй-қўшиқлар янгради, ўйин-кулгилар билан тадбир юқори даражада ўтказилди.