Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг қарори (2017 йил 30 август) билан Тошкент шаҳридаги кичик саноат зоналарида иштирок этувчи ташкилотлар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 18.05.2017 йилдаги ПҚ–2973-сон «Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ КСЗда жойлаштирилган бизнес субъектлари қуйидагилардан озод этилади:

•  юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва фойда солиғи;
•  ягона солиқ тўлови.

Низом 4.09.2017 йилда кучга кирди ва юқоридаги солиқ имтиёзлари қуйидаги шартларга амал қилингандагина тақдим этилишини кўзда тутади:

•  КСЗ иштирокчилари томонидан ЭКИҲнинг 3000 бараваридан кам бўлмаган ҳажмда инвестиция киритилганида. Бир йил давомида киритилган инвестициялар ҳажми энг кам иш ҳақининг 3000 бараваридан кам бўлса, солиқ имтиёзлари бекор қилинади ва тўлаш мажбурияти тикланади. Бунда кейинги йилларда КСЗ иштирокчиси солиқ имтиёзларини қўллаш ҳуқуқини йўқотади;

•  йил якунларига кўра КСЗ иштирокчисининг соф тушуми ЭКИҲнинг 2000 бараваридан кам бўлмаслиги керак. Агар биринчи йилда соф тушум ушбу суммадан кам бўлса, иккинчи йилда эса соф тушум ҳажми ўрнатилган миқдорга мувофиқ бўлса,  КСЗ иштирокчиси фақат иккинчи йилда солиқ имтиёзларини қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Агар ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг экспорт улуши реализациянинг умумий ҳажмида камида 30%ни ташкил қилса, солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати яна 2 йилга узайтирилиши мумкин.