Тожикистон давлат тижорат университети раҳбарияти “яхши” ва “аъло” баҳоларга ўқийдиган талаба-қизларнинг никоҳ тўйлари билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олишга ваъда берди. Бу ҳақда университет ректори Хамидуллохон Факиров маълум қилди. 

“Улар бизнинг фарзандларимиз-ку. Биз улар дарс вақтида турмушга чиқиш ёки уйланиш ҳақида эмас, ўқиш ҳақида ўйлашларини истаймиз. Шунинг учун олий таълим муассасамизда ўқийдиган йигитга турмушга чиқишни истовчи талаба-қизларимизга ректорат никоҳ билан боғлиқ барча харажатларни тўлаб беришига ваъда бердик”, деб айтмоқда ректор.

Унинг айтишича, ОТМ раҳбарияти ҳамфикрлар оилалари вужудга келишини истамоқда.

Факировнинг айтишича, айни вақтда университетдаги 5 мингдан зиёдроқ талабадан 15 фоизини қизлар ташкил қилади.

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, Тожикистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолининг 25 фоизигина пофессионал тайёргарликка эга. Таъкидланишича, Тожикистонда аҳолининг кам таъминланган қатламлари олий таълим олиш имкониятига эга эмаслар. Мутахассисларнинг баҳолашича, ОТМларнинг 72 фоиз талабалари ўзига тўқ оилалар ва 13 фоизигина кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобланадилар.