Шу йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри, Нукус ва бошқа барча вилоят марказларида “Болалар китоби” 3-Республика фестивали бўлиб ўтади. У Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳокимликлари, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан уюштирилмоқда. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида ўтказилган матбуот-брифингида маълум қилинишича, бу йилги фестивал “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!” шиори остида ташкил этилади. 

Ундан кўзланган мақсад, ёшларни гуманистик ғоялар, миллий ғурур в ифтихор руҳда тарбиялашда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кенгайтириш, болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантириш, келажак авлод маънавиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш кабилардан иборат. 

“Болалар китоби” 3-Республика фестивалида Ўзбекистонда фаолият юритаётган 60 дан ортиқ нашриёт ва матбаа корхонаси ўз китоб маҳсулотлари билан иштирок этади.  

Сайл тарзида ташкил этиладиган тадбирларда “Энг фаол ёш китобхон”, “Ёш китобсевар”, “Менинг биринчи китобим”, “Китобхон оила”, “Одамийлик китобга бўлган эҳтиромдан бошланади” каби мавзуларда совринли интеллектуал викторина ва мушоиралар, “Мен севган китоблар” мавзусида ижтимоий сўров ўтказилади. 

Болалар адабиётига ихтисослашган нашриётлар томонидан нашрдан чиққан китоблар намойиши ва эркин савдоси ўтказилади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, “Ўзбеконцерт” давлат муассасаси томонидан жалб этилган Республика ёш томошабинлар театри, Республика Давлат қўғирчоқ театри, “Томоша” театр студияси ҳамда турли болалар санъат гуруҳларининг концерт дастурлари ҳам намойиш этилади.