Бугун 12 сентябрь куни Американинг Apple корпорацияси ўз қурилмалари янги авлодининг тақдимотини ўтказади. Компания анъанага риоя қилган ҳолда сўнгги лаҳзагача улар ҳақидаги тафсилотларни сир тутади. Шунга қарамай, экспертлар Apple бирданига бир нечта iPhone смартфонлари, янгиланган Apple Watch соатларини тақдим этишига шубҳа билдиришмаяпти. 

Маросим АҚШ ғарбий соҳили вақти билан 10:00 (Твб 22:00) да бошланади. У илк маротаба компания асосчиси Стив Жобс номи билан аталган тақдимотлар залида бўлиб ўтади. У Купертинода яқинда очилган Apple Park кампусида жойлашган.

Олий тоифадаги янги iPhone

Жорий йилда Apple корпорацияси илк iPhone телефони сотувга чиққанлигининг 10 йиллигини нишонлайди. Шунга кўра, юқори технологиялар ҳақида хабарлар ёзувчи аксарият америкалик мутахассислар корпорация юбилейга совға ҳозирлаётганига ишонишмоқда. 

Аввалги iPhone 7 ва iPhone 7 Plus ўтган йил сентябрь ойида ҳавола этилган эди. Одатда Apple янги смартфонни икки йилда бир марта тақдим этиши эътиборга олинса, аслида бу йил ўтган йилги смартфонлар бироз янгиланишини кутиш мумкин эди. 

Аммо, экспертларга кўра, Apple бу йил одатдан чекинишга қарор қилган ва iPhone 7S ҳамда iPhone 7S Plus смартфонларидан ташқари олий тоифадаги яна бир смартфонни намойиш этади. Ҳозирча, унинг аниқ номланиши маълум эмас, мутахассислар уни iPhone 8, iPhone X ва iPhone Pro каби турлича шартли номлар билан аташмоқда.

The Verge тармоқ портали маълумотларига биноан, янги телефон Apple телефонларининг энг илғори бўлади. Reuters агентлиги тахминларига кўра, унинг нархи 1 минг АҚШ долларидан ортиқроқ туради. Барча уччала смартфон ҳам сентябрь ойи охирида АҚШда сотила бошланади. 

Apple Watch

Таҳлилчиларнинг якдил фикрича, Apple бугунги тақдимот маросимида Apple Watch "ақлли" соатларининг янгиланган намунасини кўрсатади. Gizmodo нашрининг ёзишича, гаджетга симсиз модем ўрнатилиши уни iPhone смартфонига уламасдан фойдаланиш имконини беради. 

Ҳозирда, Apple Watch ёрдамида телефон қўнғироқларини амалга ошириш, қисқа хабарлар юбориш ёки мусиқа эшитиш учун ёнида смартфон олиб юриши шарт. Эндиликда, Apple бу борада харидорларга эркинлик тақдим этмоқчи. 

Apple TV ҳам навбатда, аммо бу сафар планшетларсиз

Яна бир кутилаётган янгиликлардан бири Apple TV рақамли медиамаҳсулотидир. У ўта юқори ўлчамли 4К видеоларини ҳам намойиш эта олади. Бундан ташқари, Apple, ўз дастурий таъминотларидаги улкан ўзгаришлардан воқиф қилади. 

iMac компьютерлари, MacBook ноутбуклари ва iPad планшетларига тўхталадиган бўлсак, мутахассислар фикрича, бу сафарги тақдимот маросимида улар ҳақида маълумотлар бўлмайди. Аммо, Apple HomePod номли ақлли товушкучайтиргич тафсилотларига тўхталиши мумкин. Унинг тақдимоти шу йил июнь ойида бўлиб ўтган, у декабрь ойида сотувга чиқиши кутилаяпти.