Бомба қўйиб кетилгани ҳақидаги аноним қўнғироқлар туфайли Россиянинг бирйўла 14 йирик шаҳрида эвакуациялар ўтказилмоқда. "Газета.ру"нинг маълум қилишича, қўнғироқлар якшанба куни кечқурун бошланган бўлиб, "телефон қароқчилари"нинг сўзларига кўра, бомбалар мактаблар, савдо-кўнгилочар марказлари, маъмурий бинолар ва ОТМ биноларига қўйиб кетилган. Бироқ маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларининг хабарига кўра, текширувлар натижасида ҳеч қандай бомбалар аниқланмаган.

Икки кундан бери мамлакатда шундай ҳолатлар кузатилмоқда. Бомбалар ҳақидаги илк қўнғироқлар Омск полициясига келиб тушган. Қўнғироқлардан кейин кинотеатрлар ва бир неча йирик савдо-кўнгилочар марказ, икки мактаб, мэрия биноси, шунингдек Нафақа фонди бўлимида эвакуациялар ўтказилган. Жами 24 объект текшириб чиқилган.

Душанба куни кечқурун Брянск полициясига ҳам бомбалар ҳақида хабар берилган. Натижада кўплаб савдо ва кўнгилочар марказлар эвакуация қилинган. 

Манбага кўра, эвакуация қилинган объектларга юзлаб шифокорлар, полиция ва ФВВ ходимлари жалб қилиниб, махсус техникалар келтирилган.

Бундан ташқари, Рязан, Уфа, Ставрополь, Челябинск, Екатеринбург, Владивосток, Магадан ва Пермда ҳам аҳолини оммавий эвакуация қилиш ишлари бошланган. 

Ҳозирча бирорта жойда портловчи модда аниқланмаган. Хабар қилинган барча жойлар кинологлар ва махсус ўргатилган итлар томонидан текширилмоқда.