Дубай Италиянинг Венеция шаҳри асос қилиб олинадиган “сузувчи шаҳар” лойиҳаси қурилиши бошланишини эълон қилди. Лойиҳа қиймати 680 млн долларни ташкил қилади, деб хабар бермоқда Arabian Business нашри.

Дубай “Венецияси”нинг бир қисми сув остида жойлашади. Ташриф буюрувчилар бу ерга денгиз ёки ҳаво транспортида кела олишлари ва сув остидаги “Авлиё Марк майдони”да  (худди шундай майдон Венецияда ҳам бор) рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади. Сўнгра меҳмонлар каналлар орқали ҳордиқ чиқариш жойларига Италиядан келтирилган гондолаларда олиб бориладилар. Дубай “Венецияси”да меҳмонхоналар ва бошқа дам олиш масканларидан ташқари анъанавий италян фестиваллари, маданий кўргазмалар ва тадбирлар ўтказиладиган майдончалар жойлашади.

The Floating Venice (Сузувчи Венеция) деб номланган ушбу лойиҳа атрофида 400 минг фут квадрат денгиз маржонқояси етиштирилади ва 12 та пляж жойлашади.

Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа камида 100 йил хизмат кўрсатиши ҳисобга олиниб қурилмоқда. Янги “Венеция” 2020 йилда ташриф буюрувчилар учун очилади.