Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ишонч билдиришича, Анқара ва Москвада Суриядаги вазият бўйича зиддият мавжуд эмас. У бу ҳақда Hürriyet газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

«Идлибда биз Россия билан келишиб олган жараёнлар давом этмоқда. Бизда бу борада зиддият йўқ. Эрон билан учрашув вақтида ҳам бўлмаган», - деган Туркия раҳбари.

Унинг фикрича, Остонада 14-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Суриядаги вазиятга ечим топиш бўйича учрашувда конструктив мулоқотни давом эттиришга умид ҳамон сақланиб турибди. 

Туркия Россия ва Эрон билан Сурияда хавфсизлик зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумнинг кафолатчи давлати ҳисобланади. У Остонада 4 май куни имзоланган. Натижада мамлакатда бир неча хавфсизлик зоналари ташкил этилди – Идлиб вилоятида, Латақия, Ҳалаб ва Хама ҳудудларида; Хомс вилояти шимолида; Шарқий Гутеда; Сурия жануби – Дера ва Кунайтра вилоятларида. Бу минтақаларда қурол қўллаш тақиқланган.

Аввалроқ қуролланган Сурия мухолифати Остонадаги музокараларда қатнашиши хабар қилинганди.