Испаниянинг маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича бошқармаси Facebook ижтимоий тармоғига 1,2 млн евро жарима солди. Бунга ижтимоий тармоқнинг етарли даражада огоҳлантирмасдан фойдаланувчилар ҳақида маълумотлар тўплагани сабаб қилиб кўрсатилмоқда, деб ёзади The Telegraph. 

Испания ҳукумати ўтказган суриштирув натижаларига кўра, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар маълумотларини, улардан қандай фойдаланишини билдирмасдан тўплаган. Бошқарув идорасига кўра, Facebook бу ахборотлардан рекламани йўналтиришда фойдаланган. Ҳукуматнинг аниқлашича, Facebook ғоявий, жинсий, диний мансублик, фойдаланувчиларнинг ҳаракатларига оид маълумотларни тўплайди. Суриштирув чоғида бир нечта қонун бузилишлари аниқланди. 

Натижада компанияга 2 ҳолат учун 300 минг евро, яна бир ҳолатда 600 минг евро жарима ёзилди. Бундан ташқари, Facebook рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчиларни ҳам кузатган. Шу билан бирга, компания саҳифасини ўчирган фойдаланувчилар ҳақидаги ахборотларни сақлаш муддатларини ҳам бузган.