Перу футболи раҳбарлари ФИФАга  ЖЧ-2018 саралаш мусобақасининг Аргентинага қарши бўлиб ўтадиган учрашувини (5 октябрь) Буэнос-Айресдаги «Ла Бомбонера» стадионидан бошқа аренага кўчиришни сўраб мурожаат қилди, деб хабар бермоқда AP.

«Бу стадионда бизнинг делегация вакиллари ва ушбу тарихий беллашувга келадиган минглаб перулик ишқибозлар хавфсизлигини кафолатлаш мушкул бўлади», - дейилади Перу футбол ассоциациясининг ФИФА бош котиби Фатма Самурага йўллаган мактубида.

2015 йилда «Ла Бомбонера»да бўлиб ўтган «Бока Хуниорс» ва «Ривер Плейт» жамоалари ўртасидаги учрашув меҳмонлар футболчилари маҳаллий фанатлар ҳужумига учрагани туфайли тўхтатилганди. Ишқибозлар футболчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газга ўхшаш бўлган моддани қўллашган.