Перу Шимолий Корея элчисини персона нон грата деб эълон қилди ва унга мамлакатни 5 кун ичида тарк этишни буюрди, деб хабар бермоқда Перу ташқи ишлар вазирлиги.   

Бундан бир неча кун аввал Мексика Шимолий Корея элчисини номақбул шахс деб эълон қилганди. Шундан кейин бутун Америка қитъасида шимолий кореялик элчилар фақатгина Бразилия ва Кубада қолмоқдалар.   

“Перу ҳукумати Шимолий Корея элчиси жаноб Ким Хак Чхолни персона нон грата деб эълон қилди ва унга Перу ҳудудини энг кўпи билан 5 кунда тарк этишни буюрди”, дейилган хабарда.

Маълум қилинишича, ушбу қарор Шимолий Корея томондан БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларининг бир неча бор қўпол бузилиши, халқаро ҳамжамиятнинг мажбуриятларни бажариш, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва ядро дастурини тўхтатиш чақириқларининг инкор этилиши сабабли қабул қилинган.

Перу фикрича, Шимолий Корея сиёсати “халқаро тинчлик ва хавфсизликка, шимоли-шарқий Осиё ва бутун дунёдаги барқарорликка жиддий хавф солади”.