Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 17 август куни Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишда ички ишлар органлари фаолияти, тизимда ҳал этилмаган муаммо ва камчиликлар, айниқса, жиноятчиликка қарши курашдаги тадбирлар керакли натижа бермаётгани танқид остига олинган эди.

Айнан шу мақсадда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларни олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси О.Муродов томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан Самарқанд вилоятига ишчи гуруҳ юборилиб, улар томонидан жиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши самарали курашиш борасида бир қатор ишлар бошлаб юборилди, деб хабар беради KUN.UZга Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти кўрсатмасига асосан, жиноятчиликка қарши курашда асосий куч-воситаларни тунги пайтга қаратишга қарор қилиниб, 11 сентябрь куни кеч соат 18:00 да Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармасида ташкил этилган махсус гуруҳлар саф тортди.

Кечки йўриқномада йиғилганларга жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли осойишталиги, мол-мулки ва соғлигини ҳимоя қилишда амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Навбатдаги саф йўриқномаси пост патруль хизмати (ППХ) да ташкил этилиб, зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди. Кўча-кўйда жиноятлар асосан ишсиз, бирор тайинли касбнинг этагидан тутмаган ёки жазони ўтаб қайтган шахслар томонидан содир этилаётганини инобатга олиб, кечки вақтда шаҳар ва туманлардаги кўча ва хиёбонларида жамоат тартибини сақлашда, аҳоли тинч ва осойишта умргузаронлик қилишини таъминлаш учун пост патруль хизмати ҳам кучайтирилган ҳолда хизматга жалб этилди.

Махсус харита ёрдамида гуруҳ раҳбарлари ва хизмат олиб борилишини текширувчи масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.

Ўтган тун давомида қатор жиноятлар олди олиниб, қидирувда бўлган бир қанча жиноятчилар ушланди. Бу каби амалий тадбирлар барчаси аҳоли осойишталиги, юрт фаровонлигини авайлаб-асраш учун қаратилган.