Китоб туманида яшовчи фуқаро Б.Эгамбердиев укасининг ҳужжатларини топшириш учун Қарши давлат университетига келганида “ҳожатбарорлар”га йўлиқди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

-  Укангизнинг билими зўр бўлсаям, пулсиз ўқишга киришнинг имкони йўқ.

Б.Эгамбердиев қаршисида турган йигитнинг сўзларига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай, бироз иккиланиб қолди.

-  Шаҳардаги “Хонтепа” маҳалласида Ойтўла исмли аёл яшайди, - деди яна кимдир. – Шу аёлнинг университетда ишловчи Шерзод исмли жияни бор. Ана шу йигит ким ўқишга кирмоқчи бўлса, ёрдам бера олади.

Б.Эгамбердиев эринмай Шерзодни излаб топди. Унга мақсадини тушунтириб, бу масалада ёрдам беришини сўради. Шерзод бироз жим турди-да, салмоқлаб гап бошлади.

-  Давлат тест марказида яқин танишларим бор, ака. Фақат харажати бор. Агар 3000 АҚШ доллари берсангиз, укангизни талаба деб ҳисоблайверишингиз мумкин. Бунга ўзим кафилман.

Б.Эгамбердиев Шерзоднинг сўзларини эшитиб, ўйга толди. 3000 АҚШ доллари! Умрида бунча пулни ушлаб кўрмаган. Кейин укасининг ўқишга астойдил тайёргарлик кўргани ёдига тушди. Қаршисида турган йигит фирибгарлик қилаётганини ҳам сеза бошлади. Шерзодга ўйлаб кўришини айтиб, у билан хайрлашди. Кейин бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилди.

Б.Эгамбердиевнинг аризаси юзасидан ўтказилган тадбирда Шерзод Қамбаров ҳамтовоғи Жамшид Кўчаров билан 3000 АҚШ доллари ҳисобидан 3 млн сўмни олаётган вақтда қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича суд ҳукми билан айбдорларга тегишли жазо тайинланди.