Туркиянинг ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) Туркия полицияси бош бошқармаси билан биргаликда Анқарада ўзбекистонлик ички ишлар ходимлари учун ўқув курслари ташкил этди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар бермоқда.

Давлат иншоотларини террорчилар ҳужумидан ҳимоялаш ва муаллифлик ҳуқуқларига қарши кураш мавзуларига бағишланган ўқув курслари TİKA’нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун халқаро лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
 
Мазкур лойиҳа даставвал 2007-2008 йилларда Албания ва Қирғизистонда синов тариқасида ишга туширилган, кейинроқ Қозоғистон, Туркманистон, Мўғулистон, Фаластин, Босния ва Герцеговина, Озарбойжон, Ўзбекистон, Македония, Тунис, Черногория, Жанубий Судан, Ливия, Молдова ва Руминияда такомиллаштирилган эди. 

Ундан кўзланган мақсад – дўст ва биродар мамлакатлар ички ишлар идоралари билан тажриба алмашиш, жиноятчиликка қарши курашда ягона қараш ва ибораларни шакллантириш, хавфсизлик таҳдидларига қарши курашни мувофиқлаштиришдир.