Мираброр Усмонов: Терма жамоани Жаҳон Чемпионатига олиб чиқишни ваъда қилмагандим

Бугун, 12 сентябрь куни Тошкентдаги Radisson BLU меҳмонхонасида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбир якунида ЎФФ собиқ президенти Мираброр Усмонов сўзга чиқиб, ташкилотга янги сайланган раҳбариятга омад тилаб, ўз маслаҳатларини берди. У шунингдек, сўзи давомида федерация раҳбарлигига келганида Ўзбекистон миллий терма жамоасини Жаҳон Чемпионатига олиб чиқишни ваъда қилмаганини эслатиб ўтди.

«Барчангизни кўриб турганимдан хурсандман. Чунки бу каби йиғилишлар ҳар доим ҳам бўлавермайди. Кўпчилик футбол ўсаётгани ҳақида гапирди. Аммо камчиликлар ҳақида ҳам эслаш керак.

2006 йилда келганимда, мендан ортиқча нарсаларни кутманглар, деб айтгандим. Ўшанда ҳам жаҳон чемпионатига олиб чиқишни талаб қилмасликларини сўраганман. 10 йиллардан кейин нимадир қилиш мумкин дегандим. Чунки бизда пойдевор йўқ эди.», деган Усмонов.

Мираброр Усмонов, шунингдек, футбол журналистлари ҳақида фикр билдирди ва янги раҳбариятни танқиддан қочмасликка чақирди.

«Янги раҳбариятга битта маслаҳатим — ҳеч қачон танқиддан қочманглар. Танқид яхши нарса. Ишлаган одамнигина танқид қилишади. Ишламаган одамни биров эсга ҳам олмайди, танқид ҳам қилмайди!», деган у.

Мираброр Усмонов Ўзбекистон футболига қўшган улкан ҳиссаси учун тантанали равишда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Маълумот учун, Мираброр Усмонов раҳбарлиги вақтида Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати учун саралаш босқичида 3 марта муваффақиятсизликка учради, Ўзбекистон 2010, 2014 ва 2018 йилги жаҳон чемпионатларида иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлди. Федерация президенти терма жамоа Миржалол Қосимов бош мураббийлигида омадсизликка учраганида, унга терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқиш топшириғи қўйилмаганини иддао қилиб, мураббийни ҳимоясига олганди.