Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг июль ойида 12 ёшни қарши олган Жамшиджон Эргашев учун хайрия акциясини ташкил этган эдик. Ўшанда Жамшиджоннинг онаси Муҳаббатхон Эргашева даволаниш учун Ҳиндистон давлатига боришлари лозимлиги ҳақида айтган эди. Кейинчалик маълум бўлишича, унинг касаллиги ташхиси билан Тошкентда ҳам даволаниши мумкин экан. 

Хайрия акцияси давомида тўпланган маблағ Жамшиджоннинг саломатлигини тиклашга етди, ҳатто ортиб ҳам қолди. Унинг онаси бу ҳақда биз билан суҳбатда маълум қилди.

“Ёрдам қўлини чўзган барча инсонларга миннатдорчилик билдираман. Бизга даволанишга анча маблағ тушди. Катта раҳмат. Истагим – дунёда ҳеч бир бола касал бўлмасин. Бугунги кунга қадар ўғлимга ортиғича пул йиғилди. Келажакдаги даволаниш учун ҳам пулимиз бор. Қолган пулни хайрия қилиб хаста болаларга тарқатмоқчиман. KUN.UZ сайти ўқувчиларига миннатдорчилигимни қандай билдиришни ҳам билмайман. Ёрдам қўлини чўзган барчага катта раҳмат”, - дейди Муҳаббатхон Эргашева.

Шу куни ортиб қолган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтида даволанаётган болаларга тарқатилди.

Азиз юртдошлар! Ушбу хайрия акциясида иштирок этганингиз учун сизга катта раҳмат! Бемор болалар оналарининг кўзларида дард ва қувончни кўриш жуда оғир. Синовли дунё, имтиҳон дунё. Ҳеч биримиз дунё зийнатларига алданмайлик. Сизга яна бир бор раҳмат, азиз юртдошлар!