2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та асосий йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига биноан, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада рағбатлантириш ва такомиллаштириш, экспорт-импорт операцияларини тартибга солишни такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари рақобатдошлигини ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш каби вазифалар белгиланган эди. 

Мазкур вазифалар ва уларнинг ижроси юзасидан Навоий вилояти божхона бошқармаси Божхона қийматини аниқлаш ва тўловлар ҳисобини юритиш бўлими ходими Элдор Жўрабоев билан суҳбат ўтказилди.

- Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида белгилаб берилган вазифалар юзасидан ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва такомиллаштириш бўйича божхона соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Ҳаракатлар Стратегиясида тадбиркорлик субъектларини хом ашё ва материаллар билан таъминлашни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаётган ёки ишлаб чиқариш ҳажми етарли бўлмаган маҳсулотлар импорти динамикасини таҳлил қилиш асосида бундай товарларга божхона тўловлари миқдорини камайтириш белгиланган эди.

Мазкур йўналишда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада рағбатлантириш, унинг рақобатбардошлигини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳориждан киритилаётган хомашё ва материаллар билан таъминлашда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳолининг истеъмол талабини қаноатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятини тартибга солишнинг навбатдаги чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3254-сонли қарори қабул қилинди. Қарорда четдан келтириладиган товарлар учун импорт божи ва акциз солиғи ставкалари янгидан белгиланди.

- Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон Марказий банки томонидан 5 сентябрдан эътиборан Ўзбекистонда АҚШ долларининг расмий курси 8100 сўмга тенг этиб белгиланди. Яъни, долларнинг расмий курси бир ҳафта илгарига нисбатан 3889 сўм 65 тийинга ошди.

Маълумки, четдан келтириладиган товарлар учун божхона тўловлари ставкаларининг айримлари АҚШ долларида ҳисобланади. Эндиликда долларнинг расмий курсининг ошиши четдан келтириладиган товарлар, бутловчи қисм ва хом-ашёларнинг нархларига қай даражада таъсир кўрсатади? 

- Қайд этиш жоизки, четдан келтириладиган товарларнинг нархлари сунъий равишда ошиб кетишини олдини олиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш мақсадида Президентнинг юқоридаги қарорига кўра, республикамизга олиб кирилаётган кўплаб маҳсулотларга бож ставкалари бекор қилинган ва айримларининг акциз солиқлари ставкалари камайтирилган. 2017 йилнинг 10 сентябридан бошлаб маҳсулотларнинг айрим турларига нисбатан импорт божхона божлари ставкаси ҳамда Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган акциз солиғи остидаги маҳсулотларнинг акциз солиқлари ўрнатилди. 

Унга кўра, 42 номдаги товар позицияси учун “0” ставкада божхона божи белгиланди, яъни импорт божхона божи бекор қилинади. 8 номдаги товар позицияси учун эса божхона божи ставкаси камайтирилган. 8 хил товар позицияси акциз солиғидан озод этилган.

- Мазкур қарорга асосан, қандай товар турлари учун импорт божи ва акциз солиғи камайтирилган?

- Асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва эҳтиёж баланд бўлган хом-ашё материалларидир. Уларнинг тўлиқ рўйхати қарорда келтирилган.

- Қарорда замонавий ахборот технологиялари учун ҳам божхона тўловлари бир мунча камайтирилганлигини ўқидик. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз.

- Дарҳақиқат, қарорга кўра, замонавий ахборот технологияларидан видео ёзиш ва эшитиш ускуналари учун божхона божи уч баробар камайтирилган, яъни эндиликда товарнинг божхона қийматидан 10 % миқдорда импорт божхона божи белгиланди. Илгари товарнинг божхона қийматидан 45 % миқдорида ундириладиган акциз солиғи эса бекор қилинди.  

Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати ходими
Наргиза Рахмонова суҳбатлашди