БМТ бош котиби Антониу Гутеррешнинг фикрича, КХДР билан боғлиқ инқирознинг ҳарбий ечими фалокатга олиб келади.

«Ўйлашимча, вазият назоратдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик лозим. Шуниси аниқки, Шимолий Корея халқаро ҳуқуқ ва Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига амал қилиши лозим. Буни барча давлатлар қилиши керак», - дея Гутеррешнинг сўзларини келтиради РИА Новости.

Унинг сўзларига кўра, Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини «нафақат КХДРга босим ўтказиш учун фундаментал восита, балки дипломатик ечим топиш учун усул» сифатида ҳам қабул қилиш керак.

«Биз Корея ярим ороли ядросиз бўлишини олдимизга мақсад сифатида қўйган эканмиз, жуда қатъий ҳолатда КХДРнинг ядро ва ракета синовларини қоралашимиз керак. Бироқ, шу билан бирга, ҳарбий ечим фалокатга айланишини ҳам тушунишимиз лозим», - дея таъкидлаб ўтди БМТ бош котиби.

У дипломатик ташаббуслар ва сиёсий ечим учун шароитлар яратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.