Forbes глобал рейтингида биринчи саккиз поғонани эгаллаб турган тадбиркорлар бир сутканинг ичида 8,3 млрд долларга бойишди. Бундан Forbes Real Time маълумотлари дарак бермоқда. Рўйхат етакчиси – Microsoft асосчиси Билл Гейтс ўз давлатини “атиги” 277 млн долларга кўпайтириб олди - 85,3 млрд долларгача. Бунга дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси акцияларининг 12 сентябрь куни 1,05 фоизга ўсгани сабаб бўлди.

Amazon акциялари ҳам ўсмоқда – улар 1,25 фоизга қимматлашди ҳамда бир дона учун 977,9 долларлик даражада савдо қилинмоқда. Бу интернет-ретейлер асосчиси Жефф Безосга ўз давлатини 83,3 млрд долларга етказиб олиш имконини берди. Шуниси қизиқки, у ва Гейтс ўртасидаги фарқ ҳамон анча катта ($2 млрд).

Zara бренди эгаси Амансио Ортега бир кун ичида 2,2 млрд долларга бойиди, бироқ 82,2 млрд доллар билан ҳамон учинчи ўринда қолмоқда.

“Омахалик башоратчи” Уоррен Баффет 926 млн долларга бойроқ бўлди. Ҳозирда унинг давлати 76,4 млрд долларга баҳоланмоқда, у Forbes Real Time рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Facebook асосчиси Марк Цукерберг пулларини 1 млрд долларга кўпайтириб олди – 72,1 млрд долларгача.

Мексикалик магнат Карлос Слим ҳам бойишда давом этмоқда. Унинг энг асосий активи - America Movil ходимлари иш ташлаш уюштиришганига қарамай, унинг давлати ярим кун ичида 661 млн долларга кўпайиб, 70,1 млрд долларни ташкил қилган.

Forbes Real Time’да еттинчи ўринни Oracle ҳамасосчиси ва бош директори Ларри Эллисо эгаллаб турибди (+$975 млн - $63,5 млрд). Forbes талқини бўйича энг бой тадбиркорлар саккизлиги рўйхатига Франциянинг энг бадавлат фуқароси Бернара Арно якун ясаб берди (+$1,3 млрд - $58,4 млрд).