Туяқушларни тижорат мақсадларида етиштириш тахминан 1860 йилларда Жанубий Африкада бошланган. 1869 йилда туяқушлар тухуми учун биринчи инкубатор ихтиро қилинган ва туяқушларни кўпайтириш жуда яхши фойда келтирувчи машғулотга айланган. 

ХХ аср бошида бу соҳа гуллаб-яшнади. 1940 йилда туяқушлар сони 1 миллионни ташкил қилганда туяқушчилик саноати барбод бўлди. Бу Биринчи жаҳон урушидан кейинги умумий ижтимоий-иқтисодий вазият, аёллар модасига кучли таъсир ўтказган ҳодиса - автомобилларнинг кўпайиши (гап айниқса шляпалар ҳақида, зеро ўша даврнинг очиқ кабриолетларида аёллар шляпаси шамолда учиб кетган), шунингдек яхши ташкил қилинмаган патлар сотилувчи бозорга боғлиқ бўлган. Инқироз 1945 йилгача, ЖАРдаги барча туяқушчилик билан шуғулланувчи корхоналарни бирлаштирган Klein Karoo жамияти ташкил қилингунга қадар давом этган. Ташкилий кимошди савдоларининг ўтказилиши, сотувларнинг тузилмаларини тузиш - буларнинг бари соҳани чуқур инқироздан олиб чиқишга ёрдам берган. 

Бугунги кунда туяқушчилик ривожланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам. Фарғона вилояти, Риштон туманидаги “Страус фарм” қўшма корхонаси туяқуш боқишга ихтисослашган фермадир.    

Ферма 2015 йилнинг октябрида ишга тушган бўлиб, ўз фаолиятининг биринчи мавсумидаёқ туяқушларнинг барқарор ўсиш кўрсаткичларини намойиш қилди. 2016 йил мавсуми охирида фермадаги туяқушлар сони деярли 400 бошни ташкил қилади. 

“Бундай фермер хўжалигининг фойдали томони шундаки, тухуми кўп, пати мўл, тирноғи олмос ювишда ишлатилади. Тошкентда териси қайта ишланиб, аёлларнинг сумкалари, ҳамёнлар чиқарилмоқда”, - дейди фермадаги туяқуш боқувчиси Илёс Соҳибназаров.

Корхона юқори сифатли парҳез гўшти ва тери ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Фермани яратишда ЖАР ва Украинадан мутахассислар жалб этилган. Жумладан, майдонларини режалаштириш, ферма биноси ва қурилишини лойиҳалаштириш, шунингдек технологик жиҳозларни танлаш уларнинг тажриба ва тавсиялари асосида амалга оширилган. 

Кейинги 2 йил давомида туяқушлар сонини 3000 бошгача етказиш режалаштирилмоқда.