ХХР саноат ва ахборотлаштириш вазирлиги интернетдаги киберҳужум ҳолатларига доир Миллий маълумотлар хазинасини яратиш режасини тайёрлади. Идоранинг чоршанба куни эълон қилинган баёнотига кўра, телекоммуникацион ва интернет-компаниялар, шунингдек интернет-хизматлар вакиллари хазинага шу йўналишдаги хабарларни йўллашлари шарт. 

"Компаниялар, телекоммуникацион операторлар ва ҳукумат идоралари бундай ҳолатлар бўйича ахборот тақдим этишлари лозим, вируслар, ускуналардаги камчиликлар ва шубҳали IP-манзиллар ҳам шулар жумласидандир", - дейилади ҳужжатда. 

Янги ҳужжат 2018 йилнинг 1 январида кучга кириши кутилмоқда. "Қоидаларни бузадиган компания ва идоралар жарима ва маъмурий жазога тортилади", - дейилади баёнотда.

Хитойлик экспертлар сўнгги вақтларда хитой интернет сегментига киберҳужумларнинг кўпайганини таъкидлашмоқда. Хитой миллий интернет-хавфсизлик маркази (CNCERT) баҳоларига кўра, 2016 йилда хитой интернет сегментидаги мобил қурилмаларга ҳужум қилишга доир аниқланган янги зиён етказувчи дастурлар сони тахминан 2 миллионни ташкил қилди. 

Хитой антивирус дастурий таъминоти етакчиларидан бири ҳисобланган Qihoo 360 компанияси 2016 йилда хитой интернет сегментида 62,73 миллиард хакерлик ҳужумини аниқлаган.