«Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши учрашув олдидан нима сабабдан инглиз клублари ЕЧЛда муваффақиятли ўйнай олмаслиги ҳақида гапириб ўтди.

«Премьер-лига – инглиз клубида тўп сурадиган исталган футболчи ва жамоа учун энг муҳим турнир саналади. Италияда эса барчаси бошқача – у ерда ҳамма ЕЧЛни энг муҳим мусобақа деб билишади. Англияда эса бу  – мамлакат кубоги ва чемпионлиги.

Албатта, Европа Лигаси ва Чемпионлар лигаси ҳам биз учун муҳим мусобақалардан саналади, аммо улар АПЛ даражасидаги турнир сифатида кўрилмайди. Буни тушунтириш мушкул. Мени сўзларимни тушунишингиз учун Англияда ишлашингиз керак бўлади. 

Юқорида айтганимдек, Италияда асосий эътиборни ЕЧЛга қаратишади. Худди шу нарса Испанияда ҳам бор. Бу мамлакат жамоалари биринчи навбатга миллий чемпионатни эмас, Чемпионлар лигасини қўйишади. Даражаси пастроқ жамоалар эса Европа Лигасини ютишни истайди. Аммо бизнинг позициямизни тушуниш қийин эмас – премьер-лига – дунёдаги энг қийин чемпионат.

Рождество пайтида Германия, Испания, шунингдек Италия ҳам таътилга чиқади ва шу сабабдан ҳам Чемпионлар лигасида муваффақиятли қатнашади. Аммо бизда барчасини ўзгартириш учун имконият мавжуд. Бунинг учун яхшилаб ўйлаб кўришимиз талаб этилади. Биз ҳам ЕЧЛда бошқа жамоалар билан рақобат қила олишимиз мумкин», – дея Почеттинонинг сўзларини келтиради Sky Sports.