Олмаота шаҳрида полиция ходимлари Ўзбекистоннинг 29 ёшли фуқаросини ўзи бирга яшаган аёлнинг икки фарзандини ўлдирганликда гумонлаб, қўлга олишди. Бу ҳақда Zakon.kz шаҳар ички ишлар департаментига асосан хабар бермоқда.

«Айни дамда қатор процессуал ва тергов тадбирлари ўтказилмоқда, улар жиноятга нима сабаб бўлгани ҳамда у қандай амалга оширилганини аниқлашга қаратилган. Судга қадар иш юритуви доирасида тегишли экспертизалар ҳамда бошқа тадқиқотлар ўтказилади, улар тергов тўлиқ, барча томонлама ва объектив ўтказилишини таъминлайди. Шу билан бирга, ҳозирда ўзи бирга яшаган эркак билан биргаликда қўлга олинган аёл – болаларнинг онаси сўроқ қилинмоқда. Таъкидлаб ўтиш лозим, куни кеча аёл бедарак йўқолган шахс сифатида қидирувга берилганди», - дея хабар қилган Олмаота шаҳри Ички ишлар департаментининг Тергов бошқармаси бошлиғи, полиция подполковниги Рустам Абдраҳманов.

Шунингдек, хабар қилинишича, полиция фуқаро В.нинг катта фарзанди қаерда эканини аниқлаган, у текширувларни ўтказиш мақсадида тиббий муассасага олиб келинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олмаотадаги хонадонлардан биридаги музлатгичдан икки нафар боланинг жасади топилгани хабар берилганди.