Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Маънавий ҳаётимизни юксалтиришда улкан аҳамиятга эга бўлган ана шундай муҳим вазифаларни комплекс ҳал қилиш, китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида: 

1. Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Дастурда кўзда тутилган қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин: 

китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, ноширлик ва матбаа соҳаларини янада ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш; 

китоб маҳсулотлари бўйича давлат буюртмасининг асосий йўналишларини шакллантириш, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш; 

жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича давлат буюртмалари бериш, уларни кўп нусхада юксак сифат билан нашр этиш ва молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш, китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш чораларини белгилаш; 

ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг кутубхона фондлари, кутубхоналар, ташкилот ва муассасаларнинг “Маънавият хоналари”ни ўқув-услубий адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш; 

нашриётлар ва матбаа соҳаси мутахассисларини, бадиий ва техник муҳаррирлар, графикачи рассомлар, ахборот-кутубхона ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш; 

лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосидаги илмий-техник, адабий-бадиий ва энциклопедик адабиётларни янада кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш; 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ахборот-кутубхона марказларидаги барча турдаги ахборот-кутубхона ресурсларининг ягона базасини шакллантириш ва ундан бошқа ахборот-кутубхона муассасаларида туриб фойдаланишни таъминлаш; 

қишлоқ аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини ташкил этиш чоралари тўғрисида тадбирлар режаси лойиҳасини тайёрлаш; 

мамлакатимизда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берадиган eReader электрон ўқув қурилмаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, уларнинг ахборот базасига умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари учун дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий, илмий-назарий манбаларни жойлаштириш, бундай маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш механизмларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрлаш; 

мазмунан саёз, миллий маънавият ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш чораларини кўриш; 

китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали ташкил этиш, бу борада китобхонлар, кутубхоначи ва тарғиботчилар ўртасида “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила”, “Энг фаол кутубхоначи” каби кўрик-танловларнинг саралаш ва республика босқичларини юқори савияда ўтказишни йўлга қўйиш. 

2. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгилансин. 

3. Белгилаб қўйилсинки: 

дастурда кўрсатилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар бир шаҳар ва туманда, қишлоқ ва овулларда китоб савдосига ихтисослашган дўконларни ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларига давлат мулки объектларини текин фойдаланиш учун берилишини таъминлайди; 

савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларининг алоҳида статистик ҳисоби юритилади ва улар 2020 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади; 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига шу йўналишда мунтазам равишда махсус кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар тайёрлаш ва эълон қилиш тавсия этилади. 

4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банкларига китоб савдосига ихтисослаштирилган замонавий дўконлар, шунингдек, нашриёт ва матбаа корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш ҳамда янги китоб дўконларини қуриш учун Марказий банкнинг йиллик қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган фоизларда имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилсин. 

5. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда: 

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; 

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 13 сентябрь