Сан-Францискода ҳаво сифатини назорат қилиш бўйича хизмат Россия консуллигига чиқиндини ёқиш бўйича норма бузилгани ҳақида билдиришнома юборади. Бино озод этилишидан бир кун аввал унинг устидан «қора тутун» кўтарилганди. Бу ҳақда CBS хабар бермоқда.

«Биз чиқиндини ёқиш нормалари бузилгани ҳақида билдиришнома юборамиз. Консуллик ходимлари биз билан қонунбузарлик ҳолатини тартибга солиш учун боғланишлари лозим», - дея маълум қилди хизмат вакили Ральф Борманн.

Шунингдек, Борманнинг маълум қилишича, консулликка норма бузилиши учун жарима ёзилади, бироқ унинг суммаси ҳали аниқланмади, сабаби тартибга солиш жараёни «бир ҳафтадан бир неча ойга қадар чўзилиши мумкин».

Хабар қилинишича, ҳодиса 1 сентябрь куни, консуллик ходимлари АҚШ маъмурияти буйруғига кўра бинони тарк этишларидан бир кун аввал юз берган. Ҳодиса жойига ўт ўчириш хизмати ходимлари етиб келишди, бироқ улар бинога қўйилмади, рўй берган воқеа эса «ёлғон тревога» сифатида қайд қилинди.

Аввалроқ Америка куч тузилмалари ходимларининг РФ бош консуллигидаги ҳаракати тасвирланган видео эълон қилинганди.