2017 йил май-август ойларида Тошкент туманида рўйхатдан ўтган “HI-TECH KABEL” масъулияти чекланган жамияти шахсий ташаббус билан чиқиб, туманнинг “Ибрат” маҳалласи “Чимкент йўли” кўчасида жойлашган 26-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносини ўз маблағи ҳисобидан мукаммал таъмирлади. 

Жумладан, мактабнинг мавжуд хона ва йўлакларнинг барчаси қайта таъмирланиб, 118 та ром замонавий “АКФА” ромларига ҳамда 46 та эшиклар замонавий тахта эшикларга алмаштирилди.

Шунингдек, мактаб ошхонаси, спорт зали, фаоллар зали тўлиқ таъмирланиб, янги жиҳозлар билан жиҳозланди. Мактаб тўлиқ радиоузел мосламаси билан жиҳозланди. Мактаб ҳудудидаги ирригация ва канализация қисми, иситиш тизими тубдан янгиланиб, янги қозонхоналар ўрнатилиб, мактабнинг фасад қисми таъмирланиб, тўлиқ бўялди. Мактаб ҳовлисида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, турли хилдаги декоратив дарахтлар экилди, йўлаклари қайта таъмирланиб, бардюрлар алмаштирилди ҳамда ҳовлининг 4000 кв.м қисмига асфальт ётқизилди. Натижада мактаб биноси замонавий кўринишга келтирилиб, ўқувчиларнинг билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Бундан ташқари, таълим муассасанинг юқори синф қиз ва ўғил болалари учун алоҳида алоҳида замонавий меҳнат хоналари, шунингдек, қизлар учун 72 м2 ўлчамли рақс тўгараги хонаси қайта қуриб фойдаланишга топширилди. Яратилган шароитлар натижасида ўқувчилар учун рақс, дурадгорлик, тикувчилик, моҳир қўллар, ёш суҳандон, белбоғли кураш, қўл тўпи каби тўгараклар ташкил этилиши имконияти пайдо бўлди.

Мазкур мактабда 2017 йил 2 сентябрь куни соат 8.00 да ташкил этилган “Билимлар куни” байрамида ҳамда мактабни фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказиладиган тантанали тадбирда Халқ таълими вазирлиги, Тошкент вилояти ва Тошкент туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ИИБ ва халқ таълими бўлими масъул раҳбарлари иштирок этишди.

Ушбу тадбирда мактабда қурилиш ишларини олиб борган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “HI-TECH KABEL” қўшма корхонаси жамоасига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси, Халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Мактабда бугунги кунда янги 2017-2018 ўқув йилида жами 962 нафар ўқувчи-ёшлар таълим-тарбия олмоқда.