17 та давлат аксилдопинг агентлиги раҳбарлари Халқаро Олимпия қўмитасига россиялик спортчиларга Жанубий Кореянинг Пхенчхан шаҳрида 2018 йили ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинларида иштирок этишни тақиқлаш чақириғи билан мурожаат қилишди. Чақириқни имзолаганлар орасида АҚШ, Канада ва Буюк Британия вакиллари бор. 

“Айни вақтда россиялик спортчилар томондан тақиқланган воситаларнинг қабул қилинишини синчков тергов қилишнинг имкони йўқ. Шу сабабли Пхенчхандаги ўйинларда “тоза” атлетлар учун хавф туғилиши мумкин. Россиялик спортчилар Сочидаги Олимпиадада допинг қўллашганини билвосита исботловчи кўплаб далиллар мавжуд, бироқ бу ҳолатнинг тўлиқ тергови ҳанузгача ўтказилмаган. Шу сабабли Пхенчхандаги ўйинларнинг “тозалиги” хавф остида қолмоқда. Бизни шунингдек охирги 4 йил ичида россиялик спортчилар етарлича миқдорда допинг-синовлардан ўтмаганлари ҳам хавотирга солмоқда”, дейилган хабарда. 

Бутунжаҳон аксилдопинг агентлигининг Ричард Макларен бошчилигидаги мустақил комиссияси Россиядаги допингга бағишланган иккита ҳисобот тайёрлаганди. Канадалик мутахассис Маклареннинг фикрича, Россияда кўплаб спорт турларини қамраб олувчи ва давлат томондан қўллаб-қувватланувчи допинг тизими мавжуд. Унинг айтишича, шу сабабли Россия терма жамоаси Сочидаги Олимпиадада кўплаб допинг-синовларини алмаштириб, россиялик спортчилар томондан допинг қўллангани ҳолатларини яширишга муваффақ бўлган.

ХОҚ бу ҳисоботлар чоп этилгандан кейин бир неча ўнлаб россияликларни Риодаги Олимпиадада иштирок этишдан четлатганди.

Август бошида ХОҚ президенти Томас Бах олимлар допинг-синовлар учун пробиркалар очилган бўлиши мумкинлигини аниқлашнинг усулини топишганини маълум қилган. Бу усул Сочидаги Олимпиадада пробиркалар билан турли фирибгарликлар амалга оширилганини исботлашда ёки рад этишда ёрдам бериши керак.

Ушбу ҳолат тергови якунлангандан кейин ХОҚ Россия термасининг 2018 йилги Олимпиадада иштирок этиши масаласини ҳал қилади. Ушбу қарор ноябрдан кеч бўлмаган муддатда эълон қилиниши керак, чунки бу вақтда барча спорт турларида қишки мавсум бошланади.