Таҳририятимизга ҳар куни юзлаб қўнғироқлар бўлади. Турли муаммолар, турли мавзулар. Кимдир раҳмат айтган, кимдир хато ва камчиликлар юзасидан фикр билдирган, яна кимдир эса дарду ҳасратини изҳор этган. 

Ана шундай қўнғироқлардан бирида Наманган вилояти Норин туманидан Тожихон она Давронова ўз муаммосини бизга баён қилди. KUN.UZ сайтига қўнғироқ қилишни туман ички ишлар бошқармасида Тожихон онанинг мурожаати билан шуғулланган ходим маслаҳат берган. Боиси, Тожихон она содда бир қишлоқ аёли бўлиб, ҳатто KUN.UZ сайти ҳақида тасаввури ҳам йўқ. Шунчаки, 2 йилдан бери чигаллашиб кетган муаммога ечим қидираётган жабрдийдалардан бири. 

Наманган вилоятига сафаримиз чоғида биз Тожихон она билан кўришдик. Вилоят ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Дониёр Эрматов иштирокида уларнинг мурожаатини тингладик.

“2012 йилнинг баҳор ойларида Маҳмуджон исмли шахснинг оиласи биздан 9 минг доллар қарз олди, август ойига бориб 6 минг доллар олди. Ўшанда “Агар тўлай олмай қолсак, уйимизни сотамиз” дейишди. Тилхат ҳам бор ёзиб беришган. Ўша йили 14 ноябрь куни мени уйларига олиб боришди. Маҳалла қўмитаси вакили Раънохон Сатторовани ҳам чақириб келишиб, “Опага уйни 15 минг долларга сотдим. Шунга далолатнома ёзиб беринг” дейишди. Маҳмуджон “Опа, ҳозир сизга далолатнома орқали сотаман, кейин нотариусга бераман” деди. Келаси йили хорижда ишлаган катта ўғлим қишда келди ва нотариус орқали расмийлаштириш кераклиги ҳақида айтди. Сўнг Маҳмуджон, уларнинг ўғиллари, менинг ўғилларим нотариусга боришди. У ерда эса “Эгаликларингиз йўқ экан, ҳозир эгалиги тикланмасдан туриб, нотариус қилиб бўлмайди” дейишган. Маҳмуджон шундан сўнг эгалигини тиклаб бермади. Турли-туман баҳоналар қилиб келаверди. 2015 йилнинг март ойида иккинчи гуруҳ ногирони бўлган ўғлимни уйлантирдим. Ўша йилнинг июнь ойларида маҳалла қўмитаси вакиллари, маҳалла посбонлари, участка нозири, кадастрдан бир одам бўлиб, уйни ўлчашгани боришган. У ерда яшайдиган ўғлим киргизмаган уларни. 

2016 йилда мени судга чақиришди. Чақирув қоғози ўғлимни уйдан мажбурий тарзда чиқариб юбориш ҳақида экан. Судда судья эгалик йўқ экани, келажакда уни тиклаб, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳақида гапирди. Уларнинг адвокати менинг номимдан билдиришнома ёздириб олиб, турли жойларга топширишган ва 8 куннинг ичида эгаликни тиклаб олишган. Сўнг яна судга беришди, яна рад қилинди. Августда Наманганда яна рад қилинди. Октябрь ойида эса улар эгасиздан эгаликни талаб қилиб олиш бўйича судга берди. Охирида “уйни олиб берилсин” деб қарор чиқарилди. Кейин уч ой сарсон бўлдик, сўнг бир адвокат ёрдамида судга мурожаат қилдик. У ерда аввалги қарор рад этилди. Сўнг улар яна судга беришди. Охирида уларни киргизиб қўйишди. Ҳозиргача 13 марта суд бўлди. Энди улар ўғлим ва келинимни беришибди. Менинг ўғлимни уйдан чиқариш ҳақида ҳеч қайси судда айтилгани йўқ. Барча судларнинг қоғозида “Далолатнома асосида сотиб олинган” деб ёзилган. Охирида судлар ҳам айниб кетди. “Сиз умумий тартибда пулга беринг” дейишди. 2015 йилнинг декабрь ойида Маҳмуджон эгаликни тиклаш бўйича мурожаат берган. Сўнг ҳоким низоли уй эканини кўриб, рад қилган. Судга беришганидан кейин, адвокатлари қалбаки ҳужжатларни тайёрлаб, эгалик тиклаб олди. Қалбаки ҳужжатлар ҳақида гапирсам, судлар прокуратура, ички ишларга чиқинг, дейди. Ўзимизнинг ҳокимиятга борсам, “Адвокатингиз билан келинг” дейишади. Ҳар бир жойга адвокатни олиб юргани менда маблағ йўқ. Бор маблағимни ҳам шунча судларга югуриб юриб тугатдим. Орада прокуратурага ёзгандик, прокурор протест келтириб берди. Бироқ у ҳам иш бермади. Улар уйни сотувга ҳам қўймаяпти”, - дейди Тожихон Давронова.

Биз бу масала бўйича Наманган вилояти ҳокимлиги бош юристконсульти Дониёр Эрматовнинг ҳам фикрларини тингладик. Унинг сўзларига кўра, аёл кўчмас мулклар билан боғлиқ олди-сотдилар нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши мажбурий эканлиги тўғрисидаги қонун талабларини етарли даражада тушунмаганлиги сабабли бугунги кунда куйиб, сарсон бўлиб юрибди. У онахонга ёрдам беришга ҳаракат қилишини айтди.

Моддий томондан Тожихон онанинг мурожаатига ҳомийларни жалб қилдик. 2 йил давомида 10 мартадан кўпроқ суд бўлган ишдан онахоннинг тинкаси қуриган. Ягона умиди вилоят ҳокимлигидан. 

Аммо иш биз ўйлагандек бўлиб чиқмаяпти. Умид қиламизки, туман ҳокимининг қалбаки ҳужжатларга асосланиб чиқарган қарорига судьялар эътибор қаратишади. Вилоят ҳокимлиги масалани ҳам узил-кесил ҳал қилиши керак. Ҳозирча баъзи саволларга жавоблар мавҳумликдан иборат. Воқеалар ривожини кузатамиз...