13 сентябрда АҚШ сенати Ироқ ва Афғонистонда жанговар ҳаракатлар олиб боришга рухсатни бекор қилишдан бош тортди. Бу рухсатлар мос равишда 2001 ва 2002 йилдан бери амал қилиб келади.

Операцияларни тўхтатиш таклифи Кентукки штатидан республикачи-сенатор Рэнд Пол томондан киритилганди. У бундан аввалроқ “ноқонуний, эълон қилинмаган ва ноконституциявий уруш”га қаршилигини айтганди.

Полнинг таклифини 100 сенатордан фақатгина 30 фоизи қўллаб-қувватлади, қолган қисми эса қаршилик билдирди.

АҚШ Афғонистонда “Толибон” ҳаракати ва “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳи жангариларига қарши ҳарбий операцияни 11 сентябрдаги терактлардан кейин 2001 йилда бошлаган. Ироқдаги операция эса 2003 йилда бошланган ва Саддам Ҳусайн тузуми ағдарилгандан кейин тугатилган.