Сурхондарё вилояти тадбиркорларининг фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда уларни ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг бир гуруҳ мутахассислари "JARQO'RG'ON PARRANDA" МЧЖда бўлиб қайтдилар. Бу ҳақда KUN.UZ’га Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур корхонада чет элдан келтирилган замонавий ускуналарни ўрнатиш ишлари эндигина ниҳоясига етказилиб, бир неча кундан кейин бу ерга наслли жўжалар келтирилиши ҳамда ушбу корхона иш бошлаши арафасида экан.      

- Корхонамиз таъмирланиб бўлгач, 1 млн 300 минг АҚШ долларидан ошиқроқ маблағ эвазига паррандаларни сақлайдиган ускуналар келтириб ўрнатилди, - дейди паррандачилик бўйича бош мутахассис Қарши Шарипов. 

Унинг таъкидлашича, бир неча кундан сўнг 62 мингдан ортиқроқ жўжа олиб келиниши кутилмоқда. Жўжалар етилиб тухумга киргач, кунига 250 мингтадан тухум олишни режалаштиришмоқда. Мазкур корхонага келтирилган технологик ускуналар бир неча соат ичида божхона жараёнларидан ўтказилиб, корхонага фойдаланиш учун тақдим этилди. 

Четдан келтирилган замонавий технологик ускуналарни кўздан кечирар экансиз, мазкур аппаратлар дастурлаштирилганлигини кўриб, ушбу техникани ишлатиш жараёни давомида инсон қўл меҳнатига деярли зарурат қолмаганлигининг гувоҳи бўлишингиз мумкин. Содда қилиб айтганда, инсон бошқаради, технология эса ишлайди.  

Таъкидлаш керакки, мазкур технологик ускуналарни мамлакатга келтирилишида амалдаги тартибларга риоя этилган ҳолда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан 763,5 млн сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар берилди. Тадбиркор таъкидлаганидек, божхона имтиёзлари сифатида тақдим этилган ушбу енгиллик мазкур корхона фаолиятини кенгайтиришга йўналтирилади.