Август ойининг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида илк марта банкоматлар ўрнатишни бошлаган «Халқ банки» 12 сентябрь куни банкоматлардан пулни нақдлаштиришда умумий сумманинг 1 фоизи миқдорида комиссия тўлови белгилади.

Ушбу фоиз банкомат орқали пулни нақдлаштириш жараёнида автоматик тарзда ечиб олинмоқда.

Ҳозирча NBU ва «Ипак йўли банки» банкоматларида комиссия жорий қилинмади.

Қайд этиш керакки, комиссия тўлови ҳақидаги хабарлар истеъмолчилар томонидан яхши қаршиланмади.

Эксперт банкоматлардан нақд пул ечиш учун комиссия ўрнатилганига асослар келтириб, буни ижобий баҳолашга чақирди.

«Ҳар қандай товар ёки хизмат ўзининг нархига эга, жумладан нақд пул ечиш ҳам. Текин хизмат охир оқибатда ва пировардида ёки амалда йўқ хизматга ёки коррупцион тўлов эвазига амалга ошириладиган инструментга айланади. Буни тушуниш ва қабул қилиш лозим.

Чунки банкомат пулга сотиб олинади, унинг амортизацияси мавжуд, унга мулк солиғи тўланади, банкомат ўрнатилган жойга ижара ҳақи тўланади, яна банкомат электр энергияси ва қоғоз харажати, эксплуатация чиқимларини талаб этади.

Бу хабар кўпчилик ОАВлар тақдим этаётганидек салбий контекстда баҳоланмаслиги лозим», дея ўз муносабатини билдирган эксперт.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 августидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Олой, Юнусобод ва Қўйлиқ бозорларида нақд пул ечиб олиш мумкин бўлган банкоматлар ишга тушди. Ҳар бир бозорда биттадан банкомат ўрнатилган. Банкоматларга ҳар куни ўртача 30 млн сўм пул қўйилади.