Автомобиль шиналари ишлаб чиқарувчи Continental немис компанияси йўл шароитларига мослаша оладиган “ақлли” шиналарни тақдим қилди. Бу ҳозирча концептдир, бироқ улар келгусида автоном электр автомобилларда пайдо бўлиши мумкин.

Шиналарда иккита янги технология қўлланди. Улардан бири ContiSense деб аталади. Бу сенсорларга эга, махсус ток ўтказувчи резина қоришма бўлиб, улар доимий равишда протекторнинг чуқурлиги ва шина ҳароратини таҳлил қилади. Агар олинган маълумотлар меъёрдагидан оғишса, тизим бу ҳақда ҳайдовчини огоҳлантиради.

Фото: motor.ru
Фото: motor.ru
Фото: motor.ru
Фото: motor.ru
Фото: motor.ru

Шунингдек, тизим шинанинг шикастланганини аниқлаб, ундаги босим минимумгача тушиб кетгунча бу ҳақда хабардор қилади. Компания келгусида ContiSense функционаллигини кенгайтирмоқчи – у йўл ҳароратини ва унда, мисол учун, қор борлигини аниқлашга ўргатилади. 

Шиналарда қўлланган иккинчи технология ContiAdapt деб аталади. Бу шинага ўрнатилган микрокомпрессор бўлиб, у шароитлардан келиб чиқиб босим ва шинанинг йўл билан туташадиган қисмини ўзгартиради. Тизим 4 режимда ишлайди: сирпанчиқ йўл, ҳўл йўл, ғадир-будир йўл ва стандарт. Мисол учун, қуруқ йўлда ҳаракатланилганда ContiAdapt шинанинг йўл билан туташадиган қисмини камайтиради ва шу билан тежамкорликни яхшилайди. Ҳўл йўл ёки қорда юрилганда тизим шинанинг йўл билан туташадиган қисмини оширади ва шинадаги босимни камайтиради.

Фото: motor.ru
Фото: motor.ru
Фото: motor.ru
Фото: motor.ru

Иккала технология протектори учта ҳудудга ажратилган янги шинани яратишда қўлланган. Босим ва покришка энига боғлиқ ҳолда протектор ҳудудлари фаоллашади ва шина йўл шароитлари ёки ҳайдовчи истакларига мослашади.

2016 йилда Женева автосалонида Goodyear компанияси сферик шаклдаги шиналарни намойиш қилганди. Ушбу шиналар Eagle-360 деб ном олганди. Шина яратувчилари ғоясига кўра, шиналар ҳайдовчисиз машиналарга ўрнатилиши мумкин, машиналарга эса магнит левитацияси ёрдамида маҳкамланади.