Экспортчилар экспортдан келиб тушган ўз валюта маблағларини эркин тасарруф этиш ва ҳеч қандай тўсиқларсиз халқаро тўловларни амалга ошириш, товарлар импорти учун сарфлаш ёки миллий валютадаги харажатларни амалга ошириш учун хизмат кўрсатувчи банкка ёки валюта биржасида (банк орқали) сотиш ҳуқуқига эга. KUN.UZ мухбири Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Темур Ишметовнинг баёнотига асосланиб, шу ҳақида маълум қилди. 

"Экспортчиларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатига киради. Охирги фармонда мажбурий тўлов деган нарсанинг ўзи йўқ. Миллий валютага эҳтиёж туғилса, банкда алмаштиради", - деди мутахассис. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги 5177–сонли “Валюта сиёсатини эркинлаштиришнинг устувор чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини эълон қилинди. Натижада 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб барча тадбиркорлик субъектлари экспорт қилинаётган товарлар тури ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, экспорт амалиётлари бўйича келиб тушган хорижий валютадаги тушумни мажбурий тартибда сотишларига қўйилган талаб бекор қилинди.