2017/2018 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли Тошкент академик лицейига қабул ўтказилади. Бу ҳақда KUN.UZ‘га Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси маълум қилган.

Келажакда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида ёки Ёнғин хавфсизлиги институтида ўқиб, ички ишлар органларида хизмат қилиш истагида бўлган ёшлар 2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли Тошкент академик лицейида ўқишларини давом эттиришлари учун таклиф қилинади.

Айни вақтда Тошкент шаҳридаги барча академик лицей ва коллежларнинг 1-босқичида ҳамда умумтаълим мактабларнинг 10-синфида таълим олаётган ўқувчилар жорий йилнинг 17 сентябрь куни соат 18.00га қадар Тошкент шаҳар, Учтепа тумани 11-мавзе М.Шайхзода кучаси 64-уйда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли Тошкент академик лицейи (собиқ Жаҳон тиллари университети қошидаги Учтепа академик лицейи)га мурожаат қилишлари мумкин.

Танлов суҳбат асосида амалга оширилади. Номзодлар ўзлари билан қуйидаги ҳужжатларни олиб келишлари лозим:
– туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (метрика);
– шаҳодатноманинг ксеро нусхаси;
– мактабдан тавсифнома;
– маҳалладан тавсифнома;
– таржимаи ҳол;
– 2 дона 3х4 ҳажмдаги сурат.

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ёки Ёнғин хавфсизлиги институтига кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш фақат ИИВ академик лицейлари битирувчилари таркибидан амалга оширилади.

Қўшимча маълумот олиш учун 276-86-37 рақамга қўнғироқ қилишингиз мумкин.