“Луганск халқ республикаси”нинг Минскдаги музокараларда ваколатли вакили бўлган Владислав Дейнего Россия билан чегарада тинчликпарвар кучларни жойлаштиришга қарши чиқди. Бу ҳақда RT хабар бермоқда.

«Бизнинг Россия билан чегарамизда БМТ тинчликпарвар кучлари бўлмайди. Бизда бу чегарада муаммолар йўқ. Мен уларга тинчликпарварларни Австрия ва Австралия чегарасида жойлаштиришни таклиф қиламан. Бирйўла географияни ҳам ўрганиб олишади», - деди Дейнего.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Ҳизер Нойерт БМТ тинчликпарвар кучларининг Украинадаги можаро ҳудудида пайдо бўлиши, мамлакат суверенитетини тиклашга ёрдам бериши ҳақида маълум қилганди.

Россия президенти Владимир Путин эса АҚШ ҳақида гапирар экан, Австрияни Австралия билан адаштирадиган кишилар билан мулоқот қилиш мушкуллиги ҳақида айтганди.