Марказий банк (МБ) яқин келажакда янги номиналдаги  банкноталарни чиқармайди. Бу ҳақида 14 сентябрь куни МБ вакилларининг ОАВ ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувида маълум қилинди. KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

Марказий банк раис ўринбосари сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда 100 минг сўмлик банкноталарнинг муомалага киритилиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалаётгани ва уларнинг асоссиз эканини қайд этди. 

"Марказий банк ҳозирча ҳеч қандай янги банкнота чиқаришни режалаштирмаяпти", - деди МБ вакили. 

Шунингдек Марказий банк раис ўринбосари Т.Ишметов "50 минг сўмликнинг муомалага киритилиши нархларнинг ошишига ишора қилмайдими?" деган саволга қуйидагича жавоб берди: 

"Катта банкноталарнинг чиқарилиши инфляцияга олиб келмайди, бу шунчаки аҳолига қулайлик яратиш учун қўйилган қадамдир". 

Бундан ташқари, МБ вакиллари валютага доир қарор тайёрланганда энг хавотирга солган масала - инфляция масаласи бўлганини таъкидлашди. 

"Нархларнинг ошишига либерализациянинг таъсири йўқ. Сабаби кўп импорт маҳсулотлар бозор нархида белгиланган. Халқ истеъмоли молларининг 95 фоизи бозор курсида ҳисобланиб келинган. Бу борада яқин орада янги қарор чиқиши кутилмокда. Кенг турдаги товарлар учун божхона тўловларини камайтириш мақсад қилинмоқда. Президент комиссияси нархларнинг асоссиз ошишини қатъий назорат остига олади", - деди Т.Ишметов.